Kun.uz сайтида эълон қилинган танқидий материал юзасидан туман ҳокимлиги муносабати

Норин тумани Пахтакор ММТП қишлоқ хўжалик харитасининг 102-контурида жойлашган 7,4 гектар майдондаги тутзор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ва Норин туманида кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёнининг 46-бандида кўрсатилган “вилоят ҳудудидан ўтувчи Норин дарёси бўйларидаги ер майдонларини хатловдан ўтказиб, вилоятда совуқ сувда ўсувчи (форель, осётр ва бошқа балиқлар)ни етиштиришни йўлга қўйиш учун белгиланган тартибда ер майдонларини ажратиш” топшириқларидан келиб чиқиб Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 24 июлдаги 572-сонли, Наманган вилоят ҳокимининг 2018 йил 28 июлдаги 576-сонли қарорлари асосида “HUMOYUN-HOJIAKBAR SAVDO” масъулияти чекланган жамиятига балиқ боқиш ҳавзаси, маъмурий бино, қоровулхона ва озуқа сақлаш омбори қуриш учун ажратиб берилган.

Ҳозирда тадбиркор томонидан 2 та балиқ боқиш ҳавзаси қурилган бўлиб балиқ личинкалари ташланган 2 гектарлик ҳавзада сув тўлдирилган. Сайт мухбирлари томонидан суратга олинган ва “...сув турмай, сингиб кетиб, балиқлар нобуд бўлмоқда” деб изоҳланган 2.5 гектарлик иккинчи ҳавзада личинкалар етилганидан кейин сув тўлдирилиб катта ҳавзага чиқарилиши режалаштрилган.

Мурожаатчи фуқаролар томонидан тақдим этилган 1991 йил 30 апрелдаги собиқ “Пахтакор” колхозининг йиғилиш қарорида кўрсатилган фуқаролар сони (168 нафар) ва ер майдони  (11,28 гектар) сайтда кўрсатилган фуқаролар сони (105 нафар) ва ер майдонига (7,4гектар) мос эмас.

Фуқаролар томонидан ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжатларсиз фойдаланиб келинаётган тут плантацияси балиқчилик хўжалиги ташкил этиш учун ажратилганидан кейин, уларнинг тинимсиз мурожаатларини ҳисобга олиб, бошқа ер майдони янгидан туман ҳокимининг қарори асосида ажратилиши таклиф этилган. Фуқаролар томонидан 3,5 гектардан ортиқ майдон талаб қилинган ва туманда суғориладиган ер майдонлари чекланганлиги сабабли 7.0 гектар майдон ажратилиши имкони бўлмаган.

Норин туман ҳокими Учтепа МФЙдаги 42-мактабда аҳоли вакиллари билан бўлган учрашувда 3,5 гектар майдонни фуқароларга таклиф этган. Бироқ фуқаролар яна рад жавобини берганлар. Фуқароларга қўлларида мавжуд ҳужжатлар мазкур ер майдонига нисбатан юридик кучга эга деб ҳисоблашса судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари борлиги ҳам тушунтирилган.

Туман ҳокимлиги аҳоли бандлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлган бугунги кунда тут плантацияси майдонида деҳқончилик қилиб келган оилаларни туманда фойдаланишдан чиқиб кетган ер майдонларини қайта ўзлаштириш ҳисобига қўшимча томорқалар билан таъминлаш учун бор имкониятларни ишга солади.

 

Норин туман хокимлиги
Ахборот хизмати

Ob-havo

Valyutalar kursi

  
© 2014, Namangan viloyat Norin tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.norin.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.