Туман ҳудудидаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли автомототранспорт воситалари ва уларга тиркамаларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш ҳақидаги туман ҳокимининг қарори
Ўзбекистон Республикасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сонли қарори ва Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлигининг 2011 йил 4 январ куни тасдиқланган “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўригини ташкил этиш ва уни ўтказиш ҳақида”ги 2-сонли буйруғи талабларига асосан Норин туманида 2020 йилда мажбурий техник кўригини ташкил қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига асосан,
Қ А Р О Р Қ И Л А М А Н:
Туман ҳудудидаги мулкчилик шаклидан қатъий назар юридик ва жисмоний шахсларга тегишли автомототранспорт воситалари ва уларга тегишли тиркамалар белгиланган тартибда мажбурий техник кўрикдан ўтказилсин.
- Туманда транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилсин:
а) тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар, ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар- бир йилда икки марта;
б) ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (мазкур банднинг “а” кич ик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) - икки йилда бир марта;
в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг “а” кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) - бир йилда бир марта;
г) тиркамалар кўрикка транспорт воситаси - шатакчи учун белгиланган муддатларда.
- 3. Мазкур қарорнинг 2-банди “а” кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларининг техник кўриги:
биринчи марта - 1 мартдан 30 июнгача;
иккинчи марта - 1 сентябрдан 31 октябргача ўтказилсин.
Юридик шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 мартдан 30 июнгача ўтказилсин.
Жисмоний шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 январдан 31 августгача ўтказилсин.
- Туманда техник кўрикни ўтказиш учун тузилган комиссия таркиби 1-иловага мувофиқ, жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларини 2020 йилги мажбурий техник кўригини ўтказиш жадвали 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил
31 январдаги 54-сонли “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомини тасдиқлаш хақида”ги қарори 3-банд талабларидан келиб чиқиб, туман мудофаа бўлими, ички ишлар бўлими транспорт воситалари мажбурий техник кўриклари ўз юқори ташкилотларининг қарори ва иш режаси асосида амалга оширилиши назарда тутилсин. - Мажбурий техник кўрик давомида комиссия таркибида иш олиб борган ҳодимларнинг доимий иш жойларидаги ойлик иш ҳақлари сақланиб қолинсин.
- Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари И.Ширанов зиммасига юклатилсин.
- Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Туман ҳокими Д.Кадиров