2022 йил асосий мақсадли кўрсаткичлар прогноз параметрлари бажарилиши

Норин туманида мақсадли кўрсаткичлар прогноз параметрлари бажарилиши

2022 йилнинг 29 октябрь куни Ўзбекистон Меҳнат кодекси янги таҳрирда қабул қилинди. Ҳужжат 6 ойдан сўнг – 2023 йил 30 апрелда кучга киради ва 1995 йилдан бери амалда бўлган Меҳнат кодексининг ўрнини эгаллайди.

Амалдаги ва янги Меҳнат кодекси ўртасидаги асосий фарқ нимада? Ҳозир улардан айримларига тўҳталиб ўтамиз.

Янгиланган Меҳнат кодексида ХМТ конвенциялари ва тавсияларига асосланган ҳуқуқий ечимлар ўз аксини топган. Меҳнатнинг мослашувчан тартибга солинишига эришишга қаратилган илғор хорижий тажриба инобатга олинган. Меҳнат ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишига, ижтимоий кескинликнинг олди олишга кўпроқ эътибор берилган.

Янги Меҳнат кодекси Умумий қисмининг катта бўлими меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликка бағишланган. Бу бўлим олтита бобни ўз ичига олган. «Меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик» тушунчасининг мазмун-моҳияти биринчи марта очиб берилган. Ўзбекистон ратификация қилган ХМТ конвенцияларининг қоидаларини ҳисобга олган ҳолда, ижтимоий шерикликнинг асосий принциплари белгиланган, ижтимоий шерикликда ходимларнинг ва иш берувчиларнинг вакиллиги масалалари етарлича батафсил тартибга солинган. МКда ижтимоий шериклик органлари – ижтимоий-меҳнат масалалари комиссияларига бағишланган алоҳида боб бор, унда бу комиссияларнинг ваколатлари, улар томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби белгиланган.

Меҳнат муносабатларини ҳам якка шартномавий, ҳам коллектив шартномавий тартибга солиш сезиларли даражада кенгайтирилган.

Янги Меҳнат кодекси қабул қилингач, ёлланма меҳнат соҳасида юзага келадиган барча муносабатлар битта кодификацион ҳужжатда тартибга солинади. Меҳнат соҳасида норматив ҳужжатлар, айниқса идоравий ҳужжатлар сони анча камаяди. Ходимлар ва иш берувчиларнинг манфаатлари балансини таъминлай оладиган ҳуқуқий база яратилади.

  Шунингдек, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг ютуқлари қаторида меҳнат ва у билан бевосита боғлиқ бўлган жамоат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишдаги камчиликлар ва номувофиқликлар бартараф этилганини ҳам қайд этиш мумкин. Норасмий бандлик сезиларли даражада камаяди.

 Тузилмавий жиҳатдан олганда, янги Меҳнат кодексининг Махсус қисми бешта бўлимдан иборат бўлиб,ишга жойлаштириш бўлимида  қоидалар «Аҳоли бандлиги тўғрисида» Қонунга мувофиқлаштирилган, шунингдек, бир қатор мутлақо янги қоидаларни ўз ичига олган. «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида» Қонундан келиб чиқадиган тузтишлар киритилди. Янги Меҳнат кодексида  «ходимларни оммавий равишда ишдан озод этиш» тушунчаси алоҳида моддада очиб берилган.

Бундан ташқари, таклиф қилинган шахсларга ишга жойлаштириш борасида қўшимча кафолатлар берилган. Иш берувчи алоҳида асослар бўйича меҳнат шартномасини бекор қилган ходимларни қайта ишга қабул қилиш тартиби белгиланган.

Масалан, меҳнат шартномаси аввал 161-модданинг 2-қисми 2-банди бўйича бекор қилинган бўлиб (технология, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгариши, иш (хизматлар) ҳажмининг қисқариши туфайли ташкилот, якка тартибдаги тадбиркор ходимларининг сони ёки штатларининг ўзгариши), ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин 6 ой ичида худди шу мутахассислик ёки малака бўйича бўш иш ўрни очилса, иш берувчи ишдан бўшатилган ходимни қайта ишга олиши шарт.

Янги Меҳнат кодексида ишга қабул қилишнинг тартиб-таомиллари, унинг босқичлари белгиланган, ишга қабул қилишда талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати аниқлаштирилган. Ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат беришга алоҳида модда бағишланган, унда ходимни амалда ишга қўйишнинг ҳуқуқий оқибатлари батафсил баён этилган.

Ташкилотларнинг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, бош бухгалтерлар ва уларнинг ўринбосарлари, филиаллар, ваколатхоналар ёки ташкилотларнинг бошқа алоҳида таркибий бўлинмалари раҳбарларини ишга қабул қилаётганда уларга 6 ойдан ошмайдиган дастлабки синов муддати белгилаш мумкинлиги назарда тутилган.

Шунингдек, Янги Кодексда иш берувчининг ходим билан меҳнат шартномасини алоҳида асослар бўйича бекор қилганда унинг иш ҳақини сақлаб қолиши мажбурияти назарда тутилган асослар рўйхати кенгайтирилди. Хусусан, иш берувчи меҳнат шартномасини ходимнинг иш берувчи билан биргаликда бошқа ҳудудда ишлашга ўтишдан бош тортиши сабабли бекор қилганда ходимнинг ўртача иш ҳақини сақлаб қолиши керак.

Ҳозирги амалдаги Меҳнат кодекси талабларига кўра ишдан бўшаётган ходимга фақат меҳнат дафтарчасини бериш назарда тутилган, янги таҳрирдаги Меҳнат Кодексида эса иш берувчининг ходимга меҳнат дафтарчаси ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани, шунингдек меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ нусхасини бериш мажбуриятини белгилайди. Ходимнинг ёзма илтимосига биноан иш берувчи унга иш билан боғлиқ ҳужжатларнинг тегишли тартибда тасдиқланган нусхаларини тақдим этишга мажбурдир.

Янги Меҳнат кодекси болаларни парваришлаш ва уларнинг тарбияси билан боғлиқ қўшимча оилавий мажбуриятларга эга шахслар доирасини белгилашга ёндашувни ўзгартирмоқда. Кодексда ота-онадан қайси бири болани парваришлаш билан шуғулланишини ҳамда тегишли имтиёзлар ва кафолатлардан фойдаланишини ўзи ҳал қиладиган ҳолатлар назарда тутилган.

Аммо, аёл организмининг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, бир қатор меҳнат имтиёзлари ва кафолатлари, ҳозиргидек, фақат аёлларга тақдим этилади. Масалан, ҳомиладор аёлларга бирламчи бўғин тиббиёт муассасаларида туғруқдан олдин қараш учун – бу ерга пренатал скрининг ва диагностика, мажбурий тиббий кўриклар ва муолажалар киради, – ишдан озод қўшимча кунлар берилади. Аёлнинг ҳомиладорлиги даврида муддатли меҳнат шартномаси муддати тугаган тақдирда, иш берувчи унинг ёзма аризасига биноан ва ҳомиладорлик ҳолатини тасдиқловчи тиббий маълумотнома тақдим этган тақдирда, меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатини ҳомиладорликнинг охиригача ва унга белгиланган тартибда туғруқ таътиллари берилган ҳолда – ушбу таътил охирига қадар узайтириши шарт бўлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг1995 йилдаги биринчи таҳриридан фарқи унда мажбурий меҳнатни тақиқлаш, ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслик кабилар асосий принцип этиб белгиланди. Давлат эҳтиёжманд аҳолини ишга жойлаш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлайди.

Норин туман адлия бўлими