Юрак қўридан чиқиб, хуш наво мисоли таралаётган она алласига ҳеч қулоқ тутганмисиз? "Алла - мангулик мадҳияси. Аллада барча донишмандлар топган ва тополмаган донишмандлик яширинган", деб ёзган эди севимли адибимиз Ўткир Ҳошимов.

 

Алла буюк зотлар, мўътабар оналар қўшиғи. У оналарнинг шунчаки айтилажак қўшиғи эмас, балки, уларнинг қалбида яширинган орзулари, фарзандларига илинган тилаклари, жигарбанди учун Оллохга қилаётган нолалари, жарангларидир аслида.

 

Ёши катта кишиларнинг қулоғига алла эшитиларкан, беихтиёр болалигининг, гўдаклигининг беғубор дамлари ёдга тушиб, ўша дамлар соғинчи ила ширин энтикиб қўядилар.

 

"Она алласида Ватан мадҳи" деб номланган анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Алла" ижрочилари кўрик-танлови ҳам гўзал удумларимизни ўз ичига олганлиги билан эътиборга молик. Момоларимиз, бувижонларимиз бу удумни ҳамиша қадрлаб келганлар. Ҳали-ҳамон ўзбек хонадонларида бу гўзал наво - она алласи жаранглаб туради.

 

Бугун 6-сонли мусиқа мактабида  Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ташаббуси билан 11 октябрь-Халқаро қизлар куни муносабати билан "Она алласида Ватан мадҳи" мавзусида танлов бўлиб ўтди. Танловнинг ўтказилишидан асосий мақсади ана шу миллий қадриятларимизни улуғлаш, ёш авлод қалбида Ватанга бўлган муҳаббат, садоқат, ифтихор туйғуларини шу алла орқали намойиш этишдир.

 

Якуний натижаларга кўра, танловда Бўзолмас маҳалласидан Хабибиддинова Азиза  1-ўрин, Қурама маҳалласидан  Хасанова Шахноза, Яйдоқ маҳалласидан Абдухошимова Гулнора 3-ўринга муносиб деб топилди ва Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими томонидан эсталик совғалари билан тақдирланишди.

 

Ҳа, алла кириб бормаган хонадон, унинг сеҳрига асир бўлмаган инсон бўлмаса керак. Шундай экан, оналаримиз қўшиғи бўлган алла ҳар бир оилада ҳамиша жаранглайверсин!