Ҳозирги кунда мамлакатимизда фуқароларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Жумладан, аҳолининг ижтимоий таъминот олиш борасидаги ҳуқуқларига ҳам кенг имтиёзлар бериб қўйилган.

Хусусан, болаликдан ногиронлиги бўлган болаларни тарбиялаган оналар пенсияга 50 ёшдан чиқиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Бундай норманинг қонунчиликда белгилаб қўйилиши ногиронлиги мавжуд бўлган оилаларга берилган имтиёзлардан асосийсидир. Ўзбекистон Республикаси "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунининг 12-моддасида, болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналари уларни саккиз ёшгача тарбиялаган бўлса — иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда умумий белгиланган 55 ёшдан эмас, бошқаларга қараганда имтиёзлироқ, яъни 50 ёшдан пенсияга чиқиши мумкинлиги кўрсатилган.

Демак, болаликдан ногиронлиги бўлган болаларни камида 8 йил тарбиялаган оналар пенсияга бошқалардан 5 йил олдин чиқиши мумкин.

 

Юридик хизмат кўрсатиш маркази

бош юристконсульти Гулнора Каримжонова