Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 109, 105, 104-моддаларида қасддан баданган енгил, ўртача оғирликдаги, оғир ва ўта оғир тан жароҳатлари етказганлик учун тегишли жазо чоралари белгиланганлигини. ЖКнинг      103-моддасида эса шахсни ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш учун ҳам қатъий жазо чоралари белгиланганлигини, бундай ҳаракатлар шахсни қўрқитиш, унга раҳмсиз муомала қилиш ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиш натижасида содир қилинмоқда.

Туманда оилавий зўравонликга учраган хотин-қизларнинг ҳисоби олиб борилмоқда. Уларга ҳуқуқни мухофаза қилиш идоралари (ИИБ) томонидан ҳимоя ордерлари берилиб, моддий, маънавий ва психологик ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Асосий қонунимиз  бўлган Конституциямизнинг 63-моддасида Оила  жамиятнинг  асосий  бўғини эканлиги  ҳамда  жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги алоҳида эътироф этилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорида  судларга оилани мустаҳкамлаш, эр-хотинлар ва улар фарзандларининг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан келиб чиққан ҳолда никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни фуқаролик ишларининг энг муҳим туркумларидан бири деб ҳисоблаш ва бундай ишларни кўришга эътиборни кучайтириш мажбурияти юклатилган.

Ёш оилаларнинг ва вояга етмаган фарзандлари бўлган эр-хотинларнинг никоҳларини мустаҳкамлашга ва уларнинг барқарорлигини сақлаб қолишга судларнинг алоҳида эътиборларини қаратишлари лозим.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 40-моддаси талабига кўра, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар судда эр ёки хотиннинг аризасига биноан даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўрилади.

Никохдан ажратиш ҳақидаги ишни кўришда суд эр-хотинни яраштириш ва оилавий вазиятни соғломлаштириш чораларини кўришга мажбур.

Эр-хотинни яраштириш чораларини кўришда суд тарафларнинг ёки улардан бирининг илтимосига ёхуд ўз ташаббусига кўра ишнинг кўрилишини бошқа вақтга қолдиришга ва эр-хотинга ярашишлари учун Оила кодексининг 40-моддасида кўрсатилган доирада, яъни олти ойгача бўлган  муҳлат белгилашга ҳақли.

Суд яраштириш учун берилган муддатда, эр-хотинни яраштириш мақсадида ажрим нусхаларини улар яшайдиган ҳудуддаги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига, маҳалла фуқаролар йиғинига муҳокама қилиш ва яраштириш учун юбориши лозим.

Ишнинг кўрилишини бошқа вақтга қолдирилаётган муҳлат эр-хотиннинг ўзаро муносабатларини ва уларнинг яшаб кетиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши лозим.

Оилани сақлаш манфаатида суд иккинчи марта ишни кўришни қолдиришга ва эр-хотиннинг ярашиши учун қонунда кўрсатилган, олти ойгача бўлган муҳлатни белгилашга ҳақли.

Жамиятимизда қонунсиз никоҳ асосида турмуш қурган хотин-қизларнинг оиладаги ҳуқуқлари бирмунча чекланган ҳолда бўлади. Бундай хотин-қизлар фарзандларига туғилганлик гувоҳномаларини олишда, уй-жойга бўлган бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, турмуш ўртоғининг мулкидан мерос олишда муаммоларга дуч келмоқдалар. Шу сабабли хотин-қизлар турмуш қуришда никоҳни қонуний расмийлаштиришлари лозим бўлади.

Шу билан бирга эр-хотинларларга никоҳ шартномасини тузишларини маслаҳат берамиз. Никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади.

Мазкур шартномани тузиш орқали эр-хотин ўзининг  мулкий ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлайди. Никоҳ шартномасининг тузилиши никоҳ тугатилгандан кейин ҳам собиқ эр-хотинлар ўртасидаги мулкий муносабатларни тартибга солишда муҳимдир.  Яъни, шартномада мулкий муносабатларга оид қоидаларнинг батафсил акс эттирилиши кейинчалик юзага келадиган мулк билан боғлиқ низолар, келишмовчиликларни судгача, тинч йўл билан ҳал этиш имкониятини яратиб, судлашиб юришнинг олди олинади.

 

ФИБ Учқўрғон туманлараро судининг

раиси:                                                                                             Б.Касимов