Ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиларидан бири бу - Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди. Давлатнинг ушбу функцияси эса инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоячиси бўлган суд органлари томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 134-моддаси мазмунига биноан суд томонидан қабул қилинадиган ҳужжатлар қатъий ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси бутун ҳудудида бажарилиши мажбурийдир.
Дарҳақиқат, суд ҳужжатларининг реал ижроси таъминланмас экан, одил судлов ўз мазмун-моҳиятини йўқотади, суд ҳужжати эса қоғоздагина қолиб кетаверади.
Умумий қоидага биноан, ҳар қандай иш бўйича қабул қилинадиган ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, агар унинг устидан апелляция тартибида шикоят қилинмаган (протест киритилмаган) бўлса, у қабул қилинган кундан эътиборан бир ойлик муддат ўтгач, қонуний кучга киради. Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда, агар ҳал қилув қарори бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Демак, ҳал қилув қарори ижро этилишининг асосий шарти унинг қонуний кучга кирганлиги ҳамда бекор қилинмаганлиги ҳисобланади.
Агар, Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал кодексида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, суд ҳужжатининг ижроси суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал кодексининг 335-моддасига кўра, суд томонидан берилган, ундирувчининг суд ҳужжатини мажбурий тартибда ижро эттириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ижро варақасидир.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал кодекси336-моддаси мазмунидан кўринадики, суд ҳужжати бўйича битта ижро варақаси берилади, фақат ушбу кодексда назарда тутилган ҳоллар мустасно. Ушбу ҳолатлар эса мазкур модданинг 2 ва 3-қисмларида батафсил келтирилган.
Ижро варақаси суд ҳужжатини қабул қилган суд томонидан ушбу ҳужжат қонуний кучга киргандан сўнг 5 кун ичида ундирувчига ёки унинг илтимосномасига кўра давлат ижрочисига ижро этиш учун берилиб, Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал кодекси337-моддасида белгиланган талабларга жавоб бериши лозим.
Амалдаги қонунчилик талабига кўра, суд ҳужжати қонуний кучга кирган кундан эътиборан ёки суд ҳужжатининг ижроси кечиктирилган ёки бўлиб бўлиб ижро этилган тақдирда, муддат тугаган кундан эътиборан уч йил ичида ижрога тақдим этилиши мумкин.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал кодекси339-моддасида ижро варақасини ижрога тақдим этиш муддатининг узилишига асос бўлган 2 та ҳолат юзага келганда, ушбу ҳолатлар тугаган пайтдан бошлаб муддатнинг ўтиши янгидан бошланади.
Эътиборли жиҳатлари шундаки, биринчидан, суд ҳужжатларини ижроси билан боғлиқ аризаларни судлар томонидан кўриб чиққанлик учун давлат божи ундирилмайди, манфаатдор шахс, асосан ундирувчи ариза ва унга зарур ҳужжатларни илова қилинишининг ўзи етарли ҳисобланади.
Қолаверса, қуйида кўриб чиқиладиган ушбу турдаги аризаларни судларда кўриб чиқишнинг ўзига хос муддатлари ва тартиби белгиланган.
Ушбу тоифадаги аризаларни кўриб чиқишнинг ўзига хос жиҳатларига тўхталадиган бўлсак, иқтисодий судларнинг суд ҳужжатларини ижро этиш билан боғлиқ аризаларни кўриб чиқишнинг ўзига хос тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал кодексининг “Иқтисодий судларнинг суд ҳужжатларини ижро этиш” деб номланган V бўлимида батафсил келтирилган.
Ушбу аризаларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари, иштирокчилари доираси бир-биридан фарқ қилсада, ҳар қайси турдаги аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича суд ажрим чиқаради, унинг кўчирма нусхаси ундирувчи ва қарздорга, зарур ҳолларда давлат ижрочисига юборилади, ажрим устидан шикоят қилиниши (протест киритилиши) мумкин.
Бироқ, аризани бериш ҳуқуқига эга бўлган шахслар, уларни суд мажлисида иштирокчиларни жалб этилган ҳолда кўриб чиқиш ҳамда уни кўриб чиқиш муддатларида фарқлар кўринади.
Хусусан, ижро варақасини ижрога тақдим этишнинг ўтказиб юборилган муддатни тиклаш, ижро варақасининг дубликатини бериш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқишда ариза келиб тушган кундан бошлаб 1 ойлик муддат белгиланган бўлса, суд ҳужжатининг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, ижро этиш усулини ва тартибини ўзгартириш, суд ҳужжатининг қайтарма ижроси, ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш бўйича аризалар 20 кун, ижро иши юритишни тиклаш тўғрисидаги аризалар эса 10 кун муддатда (келиб тушган кундан бошлаб) кўриб чиқилиши белгиланган.
Ижро варақасини чақириб олиш ва янги ижро варақасини бериш бўйича аризаларни кўриб чиқишда эса қатъий муддат белгиланмаганлиги унинг ушбу турдаги аризаларни кўриб чиқишнинг ўзига хос жиҳатини кўрсатади (ИПК347-модда).
Шунингдек, мазкур тоифадаги аризаларни бериш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доирасида ҳам айрим фарқларни кўриш мумкин бўлиб, ижро варақасини ижрога тақдим этишнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ва ижро варақасининг (суд буйруғининг) дубликатини бериш бўйича аризаларни фақат ундирувчи, суд ҳужжатининг қайтарма ижроси бўйича аризани фақат қарздор судга бериши мумкин бўлса, ижро ишини юритишни тиклаш бўйича аризани давлат ижрочиси ёки ундирувчи, суд ҳужжатининг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, ижро этиш усулини ва тартибини ўзгартириш бўйича, ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш бўйича ҳамда ижро варақасини чақириб олиш ва янги ижро варақасини бериш бўйича аризаларни ундирувчи, қарздор ёки давлат ижрочиси бериши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал кодексининг 198-моддасига биноан, агар қонунда ёки суд томонидан бошқа муддат белгиланмаган бўлса, суднинг ажрими дарҳол ижро этилади. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, суд ажримлари дарҳол кучга киради.
Суднинг ажрими устидан ушбу кодексда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек ажрим ишнинг келгусидаги ҳаракатига тўсқинлик қилган тақдирда, суднинг ҳал қилув қароридан алоҳида тарзда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Таъкидлаш лозимки, бошқа ажримлар устидан апелляция шикояти (протести) берилмайди, лекин бу ажримларга қарши эътирозлар суднинг ҳал қилув қарори устидан қилинган апелляция шикояти (протести)га қўшиб қўйилиши мумкин. Агар, ИПКда бошқа муддат белгиланмаган бўлса, ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан ошмаган муддатда унинг устидан шикоят (протест) берилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал кодексининг 334-моддасига биноан, суд ҳужжатлари қонуний кучга киргач ижрога қаратилади, бундан қонунчиликда белгиланган тартибда дарҳол ижрога қаратиш ҳоллари мустасно.
Дарҳол ижрога қаратиладиган суд ҳужжатларига қуйидагилар киради:
- Даъвони таъминлаш бўйича чоралар кўриш;
- Келишув битимини тасдиқлаш;
- Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий тартибда ижрога қаратиш учун ижро варақасини бериш;
- Чет давлат судининг, арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ажримлар.
Учқўрғон туманлараро
иқтисодий суди раиси О.Садиков
судьяси А.Хакимов






