Ҳозирги кунда мамлакатимизда судлар фаолиятида шаффофликни таъминлаш бўйича муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда, бу эса, ўз навбатида, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, суд мажлисида тарфларнинг тортишуви тамойили ҳамда давлат манфаатларини самарали ҳимоя қилиш прокурорнинг судлар томонидан фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни кўриб чиқишда иштирок этиши, шунингдек ишларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш билан боғлиқ процессуал нормаларни янада такомиллаштиришни талаб қилади.
Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ЎРҚ-968-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурорнинг ер билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарни қоплаш ва давлат бюджетидан ундиришлар билан боғлиқ ишларда иштирок этиш ҳуқуқини, шунингдек, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига прокурорнинг ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигини бузиш, давлат бюджетидан ундирувни амалга ошириш, ўзбошимчалик билан қурилган бинога мулк ҳуқуқини тан олиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этишини назарда тутувчи ўзгартиришларни киритилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексида суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида прокурорни тегишли тартибда хабардор этилмасдан кўрилган, прокурорнинг иштироки назарда тутилган ишлар бўйича кассация ва тафтиш протести, протест бериш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун судлардан ишни талаб қилиб олишга бўлган ҳуқуқ, шунингдек, ушбу тоифадаги ишларни кўриб чиқиш юзасидан чиқарилган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш тартиби кўрсатилган.
Ушбу қонун прокуратура органларининг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилиш, шунингдек судларда ишларни кўришда қонунийликни мустаҳкамлаш борасидаги фаолияти самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Наманган туманлараро иқтисодий судининг судьяси Бекзод Мадрахимов






