1993-йилда қабул қилинган БМТнинг Aёлларга нисбатан зўравонликка қарши декларацияси аёлларга нисбатан зўравонликни йўқ қилишга қаратилган асосий ҳужжатдир. Ушбу декларация мамлакатлар ва ташкилотларни аёлларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини йўқ қилишга чақиради.

Бундан ташқари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор Ривожланиш Мақсадлари(БРМ)нинг бешинчиси гендер тенглигига эришиш ва аёллар зўравонлик қурбони бўлган ҳолатларга барҳам беришга чақиради. Бу йўналишда кўплаб мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистонда ҳам қонун ҳужжатлари ислоҳ қилинмоқда, тегишли ташкилотлар мавжуд муаммоларни бартараф этиш устида ишламоқда. Масалан, ҳар йили "16 кун давомида хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши кураш" кампанияси ўтказилади. Мазкур лойиҳа хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни қанчалик муҳимлигини турли тадбирлар, семинарлар, акциялар орқали кўрсатиб беради.

Aфсуски, айрим мамлакатларда бу салбий ҳолатни жазоловчи қонунлар мавжуд эмас ёки улар етарли даражада қаттиқ эмас. Aмалдаги қонунлар ижроси назорат қилинмайди.

Гендер стереотиплари ва анъаналари кўпинча аёлларга нисбатан зўравонликка олиб келади. Бу ҳолат нозик жинс вакилларининг ўз ҳуқуқларини талаб қилишига тўсқинлик қилади.

Кўпинча аёлларнинг билим даражаси пастлиги туфайли ўз ҳуқуқларини билмайди, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланмайди.

Ижтимоий-иқтисодий шароитнинг ёмонлиги аёлларни иқтисодий мустақилликдан ҳам маҳрум қилади. Бу уларнинг қарам бўлиб, тушкунликка тушишига олиб келади.

Зўравонлик қурбонлари кўпинча шикастланадилар ва ёрдам сўрашга иккиланадилар. Жамиятда бундай ҳолатлар ҳақида очиқ суҳбатлашиш маданияти ҳали шаклланмаган.

Хулоса шуки, аёлларга нисбатан зўравонлик бутун дунёда жиддий муаммо ҳисобланади. Ушбу касалликнинг олдини олиш учун халқаро саъй-ҳаракатлар жуда муҳимдир. Шундай экан, давлат ва халқаро ташкилотларнинг саъй-ҳаракатлари билан бир қаторда жамиятнинг ҳар бир аъзоси ҳам ана шу жараёнда фаол иштирок этиши зарур.

Келажакда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш учун қонунчиликни қатъийлаштириш, номақбул ижтимоий кўникмаларни ўзгартириш, таълим тизимини такомиллаштириш зарур.

 

Наманган туманлараро иқтисодий судининг судьяси

 

Бекзод Мадрахимов