Аҳолини рўйхатга олиш белгиланган аниқ пайтда (аҳолини рўйхатга олиш санаси) ўтказилади. Респондентларнинг шахсга доир маълумотларини йиғишда рўйхатга олиш санасидан кейин содир бўлган демографик ҳолатлар ҳисобга олинмайди. Бунда вафот этган шахс тўғрисидаги маълумотлар унинг вояга етган, муомала лаёқатига эга оила аъзолари ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади.Аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида шахсга доир маълумотларни йиғиш:ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган (Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ва планшет қурилмалари ёрдамида) ҳамда ахборот хавфсизлиги талабларини таъминлаган ҳолда амалга оширилади;респондентлар яшайдиган (вақтинча бўлиб турган) турар жой ва нотурар жойларга, биноларга ташриф буюрган ҳолда уйма-уй юриб сўров ўтказиш орқали амалга оширилади. Рўйхатга олиш варағи шакллари рўйхатга олувчи ходимлар томонидан планшет қурилмалари ёрдамида респондентларнинг сўзлари асосида тўлдирилади;аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш даврида яшаш (турган) жойида ҳозир бўлмаган ёки вояга етмаган шахслар (респондентлар) тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар мазкур уй хўжалигининг вояга етган аъзолари томонидан маълум қилинади. Ўзига нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгиланган шахслар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар уларнинг васийлари ёхуд ҳомийлари томонидан маълум қилинади